Ўзбекистонда ОТМ ўқитувчиларини ўқув жараёнига таалуқли бўлмаган ишларга жалб қилиш таъқиқланди
Тошкент. 6 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда олий таълим муассасалари (ОТМ) ўқитувчиларини ўқув жараёнига таалуқли бўлмаган ишларга жалб қилиш таъқиқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу давлат раҳбарининг 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.
2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг вақтини ўқув жараёнига хос бўлмаган ишларга сарфлашнинг олдини олиш ҳамда уларни талабалар билан кўпроқ ишлашга йўналтириш, шу жумладан, “устоз – шогирд” тизимини жорий этиш мақсадида ўқув юкламаларини ҳисобга олган ҳолда профессор-ўқитувчилар “вақт меъёрлари”нинг янги механизмларини ишлаб чиқилади ва белгиланган тартибда тасдиқланади.
Бундан ташқари, ҳужжатга мувофиқ, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида “талабанинг ўзлаштириш даражаси – профессор-ўқитувчилар фаолиятини баҳолашнинг асосий мезони” тамойилини жорий қилишнинг аниқ механизмларини белгилаш бўйича тегишли чора-тадбирлар кўриш топширилди. Бунда ушбу тамойил талабларига жавоб бермайдиган профессор-ўқитувчилар билан меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган чоралар кўриш белгиланади.
Ҳужжат билан олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини уларнинг вазифалари ва фаолият йўналишлари билан боғлиқ бўлмаган йиғилишларга ва бошқа тадбирларга жалб этиш тақиқланмоқда. “Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари, барча даражадаги ҳокимлар мазкур талабни бузганлиги учун эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган шахсий жавобгарлиги тўғрисида қатъий огоҳлантирилсин”, - деб таъкидланади қарорда.
Сурат манбаи: http://www.beyondlimitsedu.com/tutoring/


