Ўзбекистонда ОВИР стикерини бекор қилиш ва хорижий паспортларни бериш ҳақидаги хужжат ишлаб чиқилди

Дата: 16:53, 08-08-2017.

Тошкент. 8 август. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов идоралараро йиғилиш ўтказди, унда жорий йилнинг 5 июл куни бўлиб ўтган ватандошлар билан тўғридан-тўғри мулоқоти доирасида кўтарилган масалаларни ечиш юзасидан қилинаётган ишлар тўғрисида маълумот тингланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Тадбирда Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан фуқароларнинг чет элга бориш рухсатнома ёзуви стикерини (ОВИР) бекор қилиш ҳамда хорижга чиқиш паспортини босқичма-босқич жорий этишни кўзда тутувчи қарори тайёрлангани ва идоралараро келишув босқичида тургани маълум бўлди” – деб таъкидлашди ТИВ матбуот хизматида.

Шунингдек, фуқароликдан чиқишни расмийлаштириш ҳамда хорижга кетган фуқароларнинг меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун лицензия бериш тартибини соддалаштириш тўғрисидаги давлат раҳбари қарорлари лойиҳалари ҳамда қонунчиликка, қонун ости ҳужжатларига ўзгартириш киритиш бўйича бошқа таклифлар ҳам ишлаб чиқилган.

Шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлигининг меҳнат мигрантларини тегишли ижтимоий пакет, жумладан зарур яшаш-маиший шароит, муносиб иш ҳақи даражаси ва бошқа имтиёзлар билан таъминлашни кўзда тутувчи Ўзбекистон фуқароларини ишга ёллашни ташкиллаштириш бўйича йирик хорижий ҳамкорлар билан икки томонлама битимлар тузиш бўйича фаолияти ҳам қўллаб-қувватланган.

Йиғилиш якунларига кўра Идоралараро ишчи гуруҳи таркиби ва унинг 2017-2018 йилларга мўлжалланган иш режаси келишилган ва тасдиқлаш учун таклиф қилинган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: