Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича давлат сиёсати ишлаб чиқилади

Дата: 17:38, 24-10-2019.

Тошкент. 24 октябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича давлат сиёсати ишлаб чиқилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Президент фармони билан 2020-2030 йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси тасдиқланди. Фармонга мувофиқ, стратегияни амалга оширишнинг устувор йўналишларидан бири озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдир, бу эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, зарур миқдорда озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни назарда тутади", – дейилади Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, фармон билан стратегияни амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби тасдиқланди. Кенгашнинг ишчи органи Қишлоқ хўжалиги вазирлиги этиб белгиланди.

"Мувофиқлаштирувчи кенгаш стратегиянинг тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини ташкил этади, шунингдек, белгиланган кўрсаткичларга эришиш бўйича доимий мониторингни амалга оширади", – дейилади хабарда.

Шу билан бирга, ушбу Фармонда кўзда тутилган вазифаларнинг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги таркибида масъул идора ташкил этилади.

Фармонга кўра, агросаноат комплекси ва озиқ-овқат таъминоти соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш агентлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлигига топширилди.

Сурат манбаи: iarc.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: