Ўзбекистонда Қозоғистон тиббиёти кунлари очилди

Дата: 16:33, 21-11-2019.

Тошкент. 21 ноябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Қозоғистон тиббиёти кунлари очилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Пойтахтдаги "International Hotel Tashkent" меҳмонхонасида Ўзбекистонда Қозоғистон тиббиёти кунлари очилди. Тадбир Ўзбекистонда Қозоғистон йили доирасида ташкил этилди", - дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Тадбир доирасида мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган Қозоғистон делегациясининг тақдимотлари бўлиб ўтмоқда. Меҳмонлар Ўзбекистонда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, тиббиёт олий ўқув юртлари ва республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари фаолияти ва ютуқлари билан танишишлари мумкин.

Икки мамлакат мутахассислари тиббиётнинг турли йўналишларига юқори технологияли тиббий хизматларни жорий этиш, жаҳон технологияларини қўллаш, соғлиқни сақлашни рақамлаштириш, фармацевтика тармоғини ривожлантириш ва дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сифатини яхшилаш масалаларини муҳокама қиладилар.

Шунингдек, икки мамлакатнинг тиббиёт олий ўқув юртлари, илмий ва ихтисослашган марказлари ўртасида меморандумлар имзоланиши кутилмоқда. Бундан ташқари, талабалар алмашинуви, тажриба, тиббиёт соҳасида диагностика ва даволашнинг инновацион усулларини жорий этишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ёрдам беради.

Бундан ташқари, тадбир доирасида Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик соҳасига қўшган ҳиссаси учун "Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди ва унга Тошкент тиббиёт академиясининг фахрий профессори унвони берилди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил – Қозоғистонда Ўзбекистон йили, 2019 йил – Ўзбекистонда Қозоғистон йили деб эълон қилинган.

Сурат манбаи: minzdrav.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: