Ўзбекистонда Қозоғистон цементи сотила бошланди

Дата: 17:09, 02-02-2018.

Тошкент. 2 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “ЎзРТХБ” АЖнинг ички биржа савдоларига миллий валютада импорт қилинган Қозоғистон цементи сотила бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) биржа матбуот хизматига асосланган ҳолда.

Таъкидланишича, ҳозирда биржанинг котировкалаш варағига Қозоғистонда ишлаб чиқилган ПЦ400 Д20 ва ПЦ ЦЕМ II А-Ш 32.5Н маркали портландцемент киритилган.

Бу Ўзбекистон президентининг 17 январдаги ПҚ-3479 сонли “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида кўзда тутилган бўлиб, унга мувофиқ цемент, қурилиш ойнаси, қора металл прокати ва бошқа алоҳида турдаги маҳсулотларни импорт қилишда божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёз берилган (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно). Ушбу маҳсулот ва хом ашё турлари фақат биржа савдолари орқали сотилади.

Эслатиб ўтамизки, ҳозирда маҳаллий заводларда ишлаб чиқарилган цементнинг бир тоннасига 500 минг сўмдан чекланган нархларда сотилмоқда. 

Сурат манбаи: http://www.kalitablok.ru/cement.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: