Ўзбекистонда Қозоғистонга товарлар экспорт қилиш шартлари ўзгартирилди

Дата: 17:19, 09-06-2017.

Тошкент. 9 июн. ЎзТАГ – 2017 йил 1 июндан бошлаб Ўзбекистондан Қозоғистонга қатор товарлар етказиб бериш шартлари ўзгартирилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Савдо саноат палатаси маълумотига кўра, 5 июнда Ўзбекистон президентининг Р-4956-сонли “Ўзбекистон Республикаси тадбиркорлик субъектларининг Қозоғистон Республикасида ташкил этилган савдо уйлари орқали товарлар экспортини амалга ошириш шартлари тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинган.

Шу муносабат билан 1 июндан бошлаб “Ўзбекнефтегаз” МХК, “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” ХК, “Узвинпромхолдинг” ХК, “Ўзсаноатэкспорт” АЖ, “Узтрейд” АЖ, “Ўзагроэкспорт” АЖ ҳамда улар таркибига кирувчи ташкилотларга Қозоғистон Республикасида ташкил этилган савдо уйларига товарларни банк кафолати ва суғурта полисисиз экспорт шартномалари орқали етказиб беришга рухсат берилди.

Фармойиш билан мазкур хужжат амал қилувчи савдо уйлари рўйхати ҳам тасдиқланди. 

Бундан олдин юқорида келтирилган экспорт тартиби фақат алоҳида ҳолларда қўлланар эди.

2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб хўжалик субъектларига ўзи ишлаб чиқарган товарларнинг (янги мева-сабзавот маҳсулоти, узум, полиз экинлари кабилардан ташқари) хорижий валютада бошланғич тўловсиз, аккредитив очиш, экспорт шартномасини банк кафолатини расмийлаштириш ва сиёсий ва тижорий хатарлардан суғурта полисисиз экспорт қилишлари мумкин.  Бунда шартнома суммаси $100 мингдан ошмаслиги зарур.

Айни пайтда валюта тушумининг мажбурий туширилиши товарларни амалга экспорт қилгандан кейин 90 кун давомида таъминланиши зарур.

Янгилик билан ўртоқлашиш: