Ўзбекистонда озон қатламини сақлаб қолиш бўйича халқаро амалиёт ўрганилмоқда
Тошкент. 6 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси кўмагида озондан хавфсиз хладагентлар ва уларнинг стандартлари бўйича халқаро экспертнинг семинарлари ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Британ мутахассиси Даниел Колборннинг ташрифи Ер озон қатламини ҳимоя қилиш мақсадида озон қатламини бузувчи моддалардан фойдаланишни тезкор қисқартириш лойиҳаси доирасида ташкил этилган.
Лойиҳа Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан БМТТД билан биргаликда амалга оширилмоқда.
Эксперт ўз тақдимотларида хладагентларнинг иқлим ўзгаришига таъсири, глобал исишга сабаб бўлувчи моддалар ишлаб чиқаришни камайтиришга доир халқаро тажриба, хладагентларнинг турлари, бу моддадан фойдаланувчи ишлаб чиқарувчиларнинг вазифалари ҳақида сўзлаб берди.
Маълумот ўрнида, хладагент – совутувчи машиналарни ишлатувчи асосий кимёвий моддадир. Модда ишлаш жараёнида атроф муҳитга чиқиб кетади.