Ўзбекистонда пахта далаларини текшириш 25 сентябрдан бошланади
Тошкент. 19 сентябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистонда пахта майдонларини текшириш 25 сентябрдан бошланади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
18 сентябрь куни Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясида (КУФ) "Пахта теримчилар учун шарт-шароитлар яратиш, 2019 йил пахта териш мавсумида болалар ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича миллий мониторингни ташкил этишни амалга оширилаётган ишлар тўғрисида"ги мавзуда брифинг ўтказилди.
"2019 йилда 25 сентябрдан 31 октабргача давом этадиган миллий мониторинг ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур мониторинг одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссия билан ҳамкорликда амалга оширилади", - дейилади КУФ матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилганидек, мониторинг ўтказишдан асосий мақсад пахта теримчилари учун шарт-шароит яратиш, 18 ёшга тўлмаган шахслар, ўқувчилар ва талабалар, бюджет ташкилотлари ходимларининг пахта теримига йўл қўймаслик бўйича жамоатчилик назоратини амалга ошириш, шунингдек, жойларда аниқланган қоидабузарликларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш ҳисобланади.
Мониторингга тармоқ ва ҳудудий касаба уюшмалари, Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ёшлар Иттифоқи, ННТ мутахассислари ҳамда маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари жалб этилади. Бундан ташқари, АҚШ ва Европадан бир қатор халқаро касб-ҳунар марказлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.
Сурат манбаи: ozodlik.org


