Ўзбекистонда пахта теришга жалб қилинганлар тезкор равишда далалардан ортга қайтарилди

Дата: 16:34, 22-09-2017.

Тошкент. 22 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда пахта теришга жалб қилинган талабалар, ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари тезкор равишда далалардан ортга қайтарилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) kun.uz ашрига асосланган ҳолда.

Бунга доир топшириқни 21 сентябр куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов видеоселектор йиғилишида берган.  

Нашр маълумотига кўра, ҳукумат раҳбари томонидан 22 сентябр куни соат 17:00га қадар пахтага жалб қилинган талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини ортга қайтариш бўйича топшириқ берилган.

Эндиликда пахтани йиғиб-териб олиш учун аҳоли ва “Фидойи ёшлар отрядлари” жалб қилиш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, олдинроқ, 8 август куни Вазирлар Маҳкамаси 2017 йилги пахта ҳосилини теришга вояга етмаган ёшларни, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва таълим муассасалари ходимларини жалб этишни қатъиян таъқиқлаган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 сентябрда БМТ Бош ассамблеясида сўзлаган нутқида Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш ва мажбурий меҳнатни йўқ қилиш бўйича самарали чоралар кўрилгани ҳақида маълум қилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: