Ўзбекистонда парламент юқори палатаси аъзолари сайланди

Дата: 16:47, 16-01-2015.

Тошкент. 16 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Олий Мажлис Сенати (юқори палатаси) аъзолари сайланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Марказий сайлов комиссияси (МСК) матбуот хизматига асосланган ҳолда.

Куни-кеча, 15 январда МСК мажлиси бўлиб ўтди, уни комиссия раиси М.Абдусаломов олиб борди. Мажлисда, давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш бўйича қўшма мажлислари сайлов қонунчилиги талабларига мувофиқ, МСК аъзолари, ОАВ вакиллари иштирокида, очиқ ва ошкора ўтди. Қонунчилик бузилиши билан боғлиқ бирор-бир ҳолат қайд этилмади.

Сенат аъзолигига номзодлар маҳаллий Кенгашларнинг давлат ва жамият фаолиятида катта амалий тажрибага эга ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган энг обрўли депутатлари орасидан Оқсоқоллар кенгашлари томонидан кўрсатилди.

 Яширин овоз бериш натижасида Сенат аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда – олти кишидан – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туман ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари орасидан сайланди.

МСК парламентнинг юқори палатасига сайланган сенаторларни рўйхатга олди.

Сенаторлар сайлови 2015 йил 13-14 январ кунлари бўлиб ўтди.

Эслатиб ўтамизки, парламент юқори палатаси 100 кишидан иборат. Улар тенг ҳисобда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкентдан 6 кишидан сайланган. Бундан ташқари, Сенатнинг 16 аъзоси Ўзбекистон президенти томонидан мамлакатнинг энг обрўли кишилари орасидан сайланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: