Ўзбекистонда Паросиё ўйинлари ғолиб ва совриндорларини мукофотлаш тартиблари белгиланди

Дата: 14:09, 26-01-2015.

Тошкент. 26 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Паросиё ўйинлари ғолиб ва совриндорларини мукофотлаш тартиблари белгиланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Norma.uz сайтида жойлаштирилган маълумотга асосланган ҳолда.

“Ўзбекистон Республикаси спортчиларига Осиё ўйинларида эришилган ютуқлар учун пул мукофотларини тўлаш тартиблари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорга Молия, Маданият ва спорт ишлари вазирликлари ва Марказий банк бошқаруви томонидан тегишли ўзгартишлар киритилди.

Ўзгартишларга мувофиқ пул мукофотлари бериш тартиби белгиланди. Унга кўра, ваколатли банк валюта маблағларини банклараро савдо сессиялари сотиб олади ва тегишли суммаларни спортчиларнинг депозит валюта ҳисобларига ўтказади ҳамда кейинчалик омонат китобчаларини белгиланган тартибда Маданият ва спорт ишлари вазирлигига уларни спортчиларга топшириш учун беради.

Мукофотларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар давлат бюджети ҳисобидан қопланади.

Эслатиб ўтамизки, спортчиларга олтин медал учун $5 минг миқдорда, кумуш медал учун $3 минг миқдорда, бронза медал учун $2 минг миқдорда пул мукофоти берилади.

2014 йил ноябр ойи бошида Ўзбекистон президенти Осиё ва Паросиё ўйинлари ғолиб ва совриндорлари бир хил миқдордаги мукофот олиши ҳақида қарорни имзолаган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: