Ўзбекистонда паспорт режимини соддалаштириш режалаштирилмоқда

Дата: 15:52, 10-01-2018.

Тошкент. 10 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда прописка, паспорт олиш, таълим, меҳнат қилиш ва бошқа конституцион ҳуқуқларни амалга ошириш билан боғлиқ чекловларни бекор қилиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

 Муҳокама учун эълон қилинган “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасига мувофиқ, бунга доир меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар 20 мартга бориб ишлаб чиқилиши зарур.

Мавсумий ишларга жалб қилинганларни вақтинчалик рўйхатга олиш тизимини соддалаштириш, улар учун уй-жой ижараси, уй-жойдан текин фойдаланиш битимини тузиш талабини бекор қилиш кўзда тутилган.

Фуқароларнинг ўз турар жойларида паспортсиз, пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмаган шахслар яшаб туришига йўл қўйганлик учун жавобгарликни енгиллаштириш белгиланган.

2018 йилнинг 1 апрелига бориб вақтинча ёки доимий пропискасиз фуқароларни ишга қабул қилишни рад этиш билан боғлиқ амалиётга барҳам беришни назарда тутувчи, меҳнат муносабатлари жараёнида паспорт тизими қоидаларига риоя этмаганлик учун иш берувчининг маъмурий жавобгарлигини бекор қилиш, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд турган жойи бўйича ҳисобда турмасдан яшаганлик, яшашга йўл қўйганлик учун маъмурий жазо чораларини енгиллаштириш белгиланган қонунлар лойиҳалари тайёр бўлиши зарур.

Таъкидланишича, юқоридаги чоралар фуқароларни доимий ва вақтинча рўйхатга қўйиш (ҳисобга олиш) тартибини соддалаштириш, уларнинг Ўзбекистон ҳудудида эркин ҳаракатланиш ҳамда меҳнат қилиш ҳуқуқларини таъминлашга хизмат қилади.

Сурат манбаи: http://reports.travel.ru/letters/2012/06/201949.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: