Ўзбекистонда пенсия таъминоти муассасалараро ахборот тизими жорий этилади
Тошкент. 25 март. ЎзТАГ – 2015–2017 йилларда Ўзбекистонда Пенсия таъминоти бўйича ягона муассасалараро ахборот тизими жорий этилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигидан хабар қилишларича, янги тизим кекса кишиларга қулай бўлган давлат хизматларни кўрсатиш тизимини ишлаб чиқиш, пенсия таъминоти ва ижтимоий қўлллаб-қувватлаш ишларини такомиллаштиришга имкон беради.
“2015–2017 йилларда Пенсия таъминоти ягона муассасалараро интеграциялашган ахборот тизимини жорий этиш тўғрисида” қарор лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасига 2015 йилнинг учинчи чорагида тасдиқлаш учун киритилади.
Ушбу лойиҳани ишлаб чиқиш “Электрон ҳукумат тизимини ривожлантириш маркази” ва "Uzinfocom” компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш марказига топширилган.
Тизимни ишлаб чиқиш ишлари “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастури доирасида олиб борилмоқда.