Ўзбекистонда пенсиялар ва бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақлари тўлиқ нақд пулда берилади

Дата: 09:26, 03-02-2017.

Тошкент. 3 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда жорий йилнинг февралидан бошлаб пенсиялар, стипендиялар ва бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақлари тўлаб беришнинг янги тартиби жорий этилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу меъёр Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

Хусусан, хужжатга мувофиқ, 2017 йилнинг февралидан бошлаб барча турдаги пенсиялар бутун мамлакат ҳудудида ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда берилади.

Айни пайтда давлат раҳбари Молия вазирлиги, Пенсия жамғармаси ва почта хизматига пенсияларни тегишли ойнинг 27 санасидан кечиктирмай тўланишини таъминлашни топширди.

“58 тоғли ва олис туманларда жойлашган бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи тўлаш, шунингдек, ушбу туманлар аҳолисига ижтимоий тўловлар ҳам ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ ҳажмда нақд шаклда амалга оширилиши зарур”, - дейилади хужжат матнида.

Бундан ташқари, олий ўқув юртлари талабаларига стипендия тўлаш 50 фоиздан кам бўлмаган миқдорда нақд шаклда амалга оширилиши белгиланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: