Ўзбекистонда пиёдалар ўтиш жойида кекса кишини ўтказиб юбормаган 15 ҳайдовчи жаримага тортилди

Дата: 17:33, 24-05-2018.

Тошкент. 24 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда пиёдалар ўтиш жойида кекса кишини ўтказиб юбормаган 15 ҳайдовчи жаримага тортилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот мултимедиа маркази ахборотига асосланган ҳолда.

“Бугунги кунда пиёдалар йўлагидан ўтмоқчи бўлган кекса кишига йўл бермай ўтиб кетган 15 та автомобиль ҳайдовчисининг ҳаммасига нисбатан чоралар кўрилди. Айни вақтда (23 майда – ЎзТАГ) 15 нафар ҳайдовчининг барчаси тегишли тартибда жавобгарликка тортилди. Улардан 11 нафари йўл ҳаракати қоидасини бузганлиги ҳақидаги баённомани ЙПХ инспекторидан қабул қилиб олди. Қолган тўрттаси шаҳар ташқарисида бўлганлиги боис баённома яшаш манзили бўйича жўнатилди”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, бундан аввалроқ ижтимоий тармоқларда фойдаланувчиларидан бири томонидан пойтахтда пиёдалар йўлагидан ўтмоқчи бўлган кекса кишига йўл бермай ўтиб кетган 15 та автомобиль ҳайдовчиси ҳақида видео жойлаштирган эди. Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ шу куннинг ўзидаёқ видеога муносабат билдириб, қоидани бузган ҳайдовчиларга нисбатан тезкор чора кўришга ваъда берган эди.

Сурат манбаи: https://www.videoblocks.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: