Ўзбекистонда портал орқали бепул юридик маслаҳатлар кўрсатиш режалаштирилмоқда

Дата: 12:32, 16-01-2019.

Тошкент. 16 январ. ЎзТАГ – 2019 йил 1 июлга қадар Ўзбекистонда аҳолига бепул юридик маслаҳатларни ўз ичига олувчи аdvice.uz ҳуқуқий ахборот тизимини ишга тушириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Адлия вазирлигидан маълум қилишларича, бу президентнинг “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони билан кўзда тутилган.

Шунингдек, 2020 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасининг миллий ҳуқуқий интернет портали яратилишини тўлиқ якунлаш режалаштирилмоқда.

Қайд этилишича, болалар учун ҳам махсус ҳуқуқий портални яратиш кўзда тутилмоқда.

Бу президентнинг мазкур фармони билан тасдиқланган Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепциясида мустаҳкамланган. Порталда Конституцияга ўргатиш бўйича материаллар ва бирламчи тушунчалар, кундалик ҳаётда қўллаш бўйича бошланғич машғулотлар, шунингдек, ҳуқуқий ўйинлар, машғулот ва дастурлар бўйича услубий қўлланмалар бўлади.

Бундан ташқари, маҳаллаларда “Ҳуқуий ахборот куни” ташкил этилади. Ёшлар ўртасида Street law (“Қўча ҳуқуқи”) лойиҳасини амалга ошириш учун юридик коллежлар ўқувчилари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларидан иборат кўнгиллилар гуруҳлари ташкил этилади.

Сурат манбаи: http://www.minjust.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: