Ўзбекистонда президентнинг виртуал қабулхонаси пулли бўлиши ҳақидаги миш-мишлар рад этилди

Дата: 16:09, 29-03-2017.

Тошкент. 29 март. ЎзТАГ – Uzinfocom маркази ўз сайтида Ўзбекистон президентининг виртуал қабулхонаси пулли бўлиши ҳақидаги миш-мишлар рад этувчи маълумотларни жойлаштирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси  аҳоли ва юридик шахслар учун бепул электрон ресурс бўлиб келган ва бундан кейин ҳам бепул бўлиб қолади”, - дейилади хабарда.

“Халқ орасида “Ер шари миш-мишлар билан тўла”, деган гап бор. Жумладан, сўнгги вақтларда PM.gov.uz порталининг пуллик бўлгани, аҳоли вакилларидан қабул қилинадиган мурожаатлар учун пул олиниши ҳақидаги миш-мишлар болалаб кетган эди. Бу тўғридаги миш-мишлар одамлар ўртасида ижтимоий тармоқ ва мессенжерлар орқали тарқалмоқда. Хусусан, гўёки кимлардир аҳоли ўртасида гувоҳномасини кўрсатган ҳолда, ўзини порталнинг ходими сифатида таништирган ва аҳолидан мурожаатлари учун пул талаб қилган. Бу миш-мишларни бутунлай рад этамиз”, - дейилади шундан кейин.

“2017 йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилинишининг ўзиёқ порталнинг аҳоли ва ҳукумат ўртасидаги беминнат кўприк эканлигини англатади. Шунингдек, ҳукумат раҳбарияти мазкур йўналишни ривожлантириш ва аҳоли билан мулоқотда янги ва қулай усулларни ўрнатадиган лойиҳаларни молиялаштириш юзасидан вазифаларни амалга оширмоқда”, - деб таъкидлайди Uzinfocom.

“Шунингдек, Миллий оператор томонидан абонентлари учун қатор ҳукумат ва давлат сайтларидан, жумладан Ўзбекистон Президентининг Виртуал қабулхонаси — PM.gov.uz’дан бепул интернет трафиги асосида фойдаланиш имкони яратилди. Миш-мишларга ишонманг ва шуни билингки, Ўзбекистон Президентининг Виртуал қабулхонаси мурожаат қилувчилардан ҳеч қандай харажат талаб қилмайдиган самарали воситадир”, - дейилади Марказ хабарида.  

Янгилик билан ўртоқлашиш: