Ўзбекистонда пул маблағларини ноқонуний жалб қилиш фаолияти учун жазо қаттиқлашди
Тошкент. 3 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда пул маблағлари ва бошқа мулкларни ноқонуний жалб қилиш фаолияти учун жиноий жавобгарлик қаттиқлашди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бунга Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан 23 сентябрда имзоланган Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги қонун асос бўлди.
Юқоридаги маълумот “Ипотека банк” АТИБ сайтида жойлаштирилган.
“Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига киритилган янги 181-1 моддасига биноан, мулкий манфаат бериш бўйича зиммага мажбурият олиш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкини жалб этишга доир ноқонуний фаолиятни амалга ошириш ва бунда илгари олинган мажбуриятни жисмоний ва юридик шахсларнинг янги жалб этилган пул маблағлари ва (ёки) бошқа мол-мулки ҳисобидан бажариш, шунингдек, бундай фаолиятга раҳбарлик қилиш ва шундай фаолият кўрсатилишини таъминлаш, ушбу фаолиятга жалб қилиш мақсадида уни ОАВ ва интернет орқали реклама қилишга бағишланган”, - дейилади хабарда.
Кўрсатиб ўтилган фаолият турлари энг кам иш ҳақининг 100 дан 300 баробаригача миқдоридаги жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинишига ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этилишига сабаб бўлади.
Пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкларни жалб қилиш бўйича ноқонуний фаолият олиб бориш ҳамда бундай фаолиятга раҳбарлик қилиш ва шундай фаолият кўрсатилишини таъминлаш кўп миқдорда, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ОАВ ёки телекоммуникация тармоқлари ҳамда интернетдан фойдаланган ҳолда амалга оширилган бўлса, ЭКИҲнинг 300 дан 500 баробаригача жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш ёхуд 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этилишига сабаб бўлади.
Мазкур фаолият жуда кўп миқдорда, ўта хавфли рецидивист томонидан, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
ЭКИҲ – ойига 149,775 сўм
$1= 3028,47 сўм