Ўзбекистонда “Рақобат тўғрисида”ги қонунни қайта кўриб чиқиш режалаштирилмоқда

Дата: 16:04, 02-06-2016.

Тошкент. 2 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси “Рақобат тўғрисида”ги қонунга ўзгартишлар киритиш ташаббуси билан чиқди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Рақобат тўғрисида”ги қонунга киритилаётган ўзгартишлар лойиҳасида рухсат бериш билан боғлиқ бўлган алоҳида тартиботларни соддалаштириш кўзда тутилган. Масалан, хўжалик юритувчи субъектларнинг бирлашмаларини ташкил этишда ва бошқа мулкий ҳуқуқларни олишга доир битимларни амалга оширишда монополияга қарши органдан олдиндан розилик олиш тартиботини чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда”, - деб таъкидлашди Давлат рақобат қўмитасида.

Ўзгартишлар республика иқтисодиётида хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни тутган ўрнини ошириш, уларни янада ривожлантириш мақсадида мавжуд ғов ва тўсиқларни бартараф қилиш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш мақсадларида киритилмоқда.

Ҳозирги кунда қонун лойиҳаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига муҳокама учун жойлаштирилган, ҳамда тегишли вазирликлар ва идоралар билан келишилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: