Ўзбекистонда реклама соҳасидаги қонунчиликнинг бузилишига доир 54 ҳолат аниқланди

Дата: 16:22, 29-05-2014.

Тошкент. 29 май. ЎзТАГ – 2014 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан маҳаллий реклама бозорига доир 70 тадқиқни ўтказди. Натижада 54 та ҳолат бўйича “Реклама тўғрисида”ги қонун талабларини бузилиши аниқланди. Ўтказилган ўрганишлар якунлари бўйича хўжалик субъектларига жами бўлиб 37 та ёзма кўрсатмалар берилди, 19 та мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилди, деб хабар беради Podrobno.uz нашри.
Асосий қонунбузарликлар рўйхатида берилаётган рекламаларда реклама қилинаётган маҳсулот ҳақидаги муҳим ва зарур маълумотларнинг йўқлиги, уни сотиб олиш ва ундан фойдаланиш шартларининг мавжуд эмаслиги кабилар бор. Шунингдек, ушбу маълумотлар жуда кичик харфларда ёзилган ёки батафсил маълумот олиш учун бошқа манбага мурожаат қилиш зарурлиги кўрсатилган ҳолатлар ҳам мавжуд. Бу хатти-ҳаракатлар атайлаб қилиниб, бундан кўзланган мақсад – истеъмолчини чалғитишдан иборат.
Бундан ташқари, қўмита мутахассислари реклама бозоридаги компанияларни лицензияга эга бўлмаган нодавлат таълим муассасалари – ўқув марказлари, курслар ва х.к.ларнинг рекламаларини жойлаштириш маън этилганлиги ҳақида ҳам огоҳлантирдилар.
Лицензия олмасдан фаолият юритиш ҳолатлари аниқланганда, қўмита бу тўғрисида солиқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларини хабардор қилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: