Ўзбекистонда Реклама ва дизайн ҳафталиги бўлиб ўтади
Тошкент. 9 март. ЎзТАГ – 19-27 апрел кунлари Тошкентда ADWEEK.UZ 2016 – Реклама ва дизайн ҳафталиги бўлиб ўтади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу ҳақида тадбирнинг расмий сайтида маълум қилинган. Кўргазма WYNDHAM меҳмонхонасида ўтказилиши кутилмоқда.
“Реклама, маркетинг, дизайн, медиа, технологиялар соҳаси мутахассислари илк маротаба реклама ва маркетинг алоқалари соҳасидаги инновацион ечимларни намойиш қилиш мақсадида бир жойга йиғиладилар. Ҳафталик Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси ва Савдо саноат палатаси кўмагида ташкил этилмоқда.
Тадбир ташкилотчилари Siymo Advertology реклама агентлиги ва ICTNEWS Conferences компанияси.
Adweek.uz 2016 дастурига UseNet//2016 конференцияси (20 апрел), интернет-маркетинг бўйича россиялик мутахассислар Сергей Спивак ва Дамир Халиловнинг семинари (22 апрел), AdForum 2016 семинар ва маҳорат дарслари (25 апрел), маркетолог Игорь Маннинг “1-рақам” ва “Бюджетсиз маркетинг” cеминари, AdFest 2016 реклама фестивали, AdBrand 2016 - “Йил бренди” Миллий мукофотининг топширилиши (27 апрел, WyndhamTashkent меҳмонхонаси) каби тадбирлар кирган.