Ўзбекистонда резидентлик фактини онлайн режимда тасдиқлатиш ва иккитомонлама солиққа тортилишнинг олдини олиш имконияти пайдо бўлди

Дата: 21:56, 14-05-2014.

Тошкент. 14 май. ЎзТАГ – 5 майдан бошлаб Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтида юридик ва жисмоний шахсларнинг доимий жойлашган жойи (резидентлик) фактини расмий тасдиқлаб бериш бўйича янги интерактив давлат хизмати ишга туширилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Солиқ қўмитасидан хабар қилишларича, ушбу интерактив хизмат орқали давлат солиқ хизмати органлари Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар ўртасида тузилган иккиёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш бўйича халқаро келишув қоидаларини қўллаш мақсадида мурожаат қилган юридик ёки жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси резидентлари эканликларини тасдиқлаб беради.
Мурожаат қилган юридик ёки жисмоний шахс Ўзбекистон Республикаси резиденти эканлиги ҳақидаги тасдиқ солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг аризасига биноан берилади.
Интерактив хизматдан фойдаланган ҳолда тегишли ишлар амалга оширилгач, Давлат солиқ қўмитаси томонидан «Резидентлик сертификати» автоматик тарзда шакллантирилиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилади ҳамда солиқ тўловчининг аризасида кўрсатилган почта манзилига юборилади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: