Ўзбекистонда ўрмон хўжалиги бўйича давлат қўмитаси ташкил этилмоқда

Дата: 16:01, 15-05-2017.

Тошкент. 15 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ташкил этилмоқда. Бунга доир тегишли қарор 11 май куни президент томонидан имзоланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Янги қўмита Ўзбекистон ўрмон ресурслари салоҳиятидан тўлиқ ва омилкорлик билан фойдаланиш, ўрмон хўжалигини бошқариш самарадорлигини ошириш, экологик туризмни ривожлантириш ва инвестициялар жалб қилиш мақсадида ташкил этилмоқда.

Вилоят бўлимларига эга бўлган Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси базасида ташкил этилмоқда.

Хужжатда қўмитанинг асосий вазифалари ҳам белгиланган. Улар орасида ўрмон хўжалиги соҳасида ўрмон бойликларини ҳар томонлама кенгайтириш ва улардан оқилона фойдаланишга қаратилган ягона давлат сиёсатини юритиш, ўрмон тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва уларга риоя этилишини амалий назорат қилиш, ўрмонлардан оқилона ва тежамли фойдаланиш кабилар бор.

Шунингдек, вазифалар орасида республикамизда ўрмонларни тиклаш ва иҳота ўрмонларини кўпайтириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, тоғ ёнбағирлари, жарликлар ва ташландиқ ерларда эрозияга қарши дарахтзорлар барпо этиш ишлари бажарилишини ташкил қилиш, ўрмон фондини, фауна ва флорасини ўрганиш ҳамда уларнинг қатъий ҳисобини юритиш, ўрмон хўжалигини юритиш амалиётига фан ютуқлари ва илғор тажрибани жорий этиш ва ўрмонларни ёнғинлардан, зараркунанда ва касалликлардан, ноқонуний дарахт кесишдан ва бошқа ўрмон қонунчилиги бузилишларидан муҳофаза қилиш ҳам бор.

Манзарали ўсимликлар кўчатлари ва уруғларини сертификатлаш ва стандартлаштиришнинг ягона тизимини ишлаб чиқиш ҳамда жорий қилишни ташкил этиш ҳам режалаштирилган. Шунингдек, ўрмон хўжаликларида бир-бирига боғлиқ бўлган хўжалик фаолиятини кенгайтириш ва ривожлантириш, кўчат етиштириш, доривор ўсимликлар тўплаш, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ҳамда уларни чуқур қайта ишлаш, халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш, тармоққа халқаро молия институтлари грантларини жалб этиш ва экологик туризмни кенг кўламда ривожлантириш, ўрмон хўжалиги соҳасида ўрта махсус ва олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш ҳам режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланади ва лавозимдан озод этилади.

Манзарали боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги республика илмий-ишлаб чиқариш маркази негизида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимида Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ташкил этилсин.

Янгилик билан ўртоқлашиш: