Ўзбекистонда Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилмоқда

Дата: 16:41, 21-06-2016.

Тошкент. 21 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги қошидаги Ўрмон хўжалиги бош бошқармаси таркибида “Ўрмон хўжалигини ривожлантириш жамғармаси”ни ташкил этилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хужжатга мувофиқ, жамғарма ўрмон хўжалигини ривожлантириш бўйича маблағларни шакллантириш, ўрмон хўжаликлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни муҳофаза қилиш, қўриқлаш ҳамда ўрмон хўжаликлари ерларида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини тиклаш ва кўпайтиришни йўлга қўйиш мақсадларида ташкил этилмоқда.

Шунингдек, хужжат орқали жамғарма маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиблари ҳам тасдиқланган.

Хусусан, жамғарма маблағлари ўз навбатида, ўрмон хўжаликлари ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар етказишнинг олдини олиш, етказилган талофатни бартараф этиш, ўрмонларни муҳофаза қилиш учун техника ва технологиялар харид қилиш, экологик мониторинг тизимлари, асбоб-ускуналар ва компьютер дастурлари сотиб олиш, шунингдек, уруғчилик, навчилик, табиий кўчатзорлар яратиш, тажриба майдонлари, кўчатзорлар, иссиқхоналар, доривор ўсимликлар далаларида илғор технологияларни синаш ишлари, ўрмон хўжалигида ноқонуний фаолиятни аниқлаган кишиларга мукофот пуллари бериш кабиларга сарфланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: