Ўзбекистонда Россияда ишлаб чиқариладиган “УАЗ Патриот” автомобили учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди

Дата: 13:06, 22-12-2016.

Тошкент. 22 декабр. ЎзТАГ – O’zErae Climate Control ўзбек-жанубий корейс қўшма корхонаси Россияда ишлаб чиқариладиган “УАЗ Патриот” автомобили учун иситиш радиаторлари ишлаб чиқаришни ўзлаштирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Россия томони билан ҳамкорлик битими 2016 йилнинг июл ойида тузилди. Ўтган вақт давомида Россияда ишлаб чиқарилаётган “УАЗ Патриот” автомобили учун иситиш радиаторлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Ўтган шу қисқа даврда 15 минг 300 дона иситиш радиатори тайёрланиб, Россияга экспорт қилинди. 2016 йилда корхона 21 млрд сўмликдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарди”, - деб таъкидлади қўшма корхона бош директори Нодиржон Аҳмедов.

Эслатиб ўтамизки, ҚК 2010 йилда ип-газлама комбинатининг бўёқлаш ва пардозлаш фабрикаси асосида ташкил этилган. Завод биноси “Асакабанк”нинг вилоят бўлимидан олинган $22,5 млнлик кредит ҳисобидан реконструкция қилиниб, Жанубий Корея, Япония, Хитой давлатларида ишлаб чиқарилган замонавий, мослашувчан ва юқори технологик машина ва жиҳозлар келтириб ўрнатилди.

Бугунги кунда бу ерда “Spark”, “Matiz”, “Damas”, “Nexia”, “Aveo”, “Lacetti”, “Cobalt” автомобилларининг совутиш, иситиш, вентиляциялаш ва ҳавони кондиционерлаш тизимлари учун 40дан ортиқ турдаги бутловчи қисмлар тайёрланмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: