Ўзбекистонда ўрта махсус ва олий таълим муассасалари ўқитувчилари ишига соатбай ҳақ тўлашнинг янги меъёрлари белгиланди
Тошкент. 27 октябр. ЎзТАГ - Ўзбекистонда ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим муассасалари, ИТИ ва малака ошириш курслари ўқитувчилари ишига соатбай ҳақ тўлашнинг янги меъёрлари белгиланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Хусусан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг қўшма қарори билан ўрта махсус ва касб-ҳунар коллежлари ўқитувчилари учун қуйидагича соатбай ҳақ тўлаш меъёрлари белгиланди: профессорлар, фан доктори ва хорижлик уларга тенглаштирилган шахслар учун 27367,6 сўм, доцентлар, фан номзодлари ва уларга тенглаштирилган шахслар учун 16050,8 сўм, илмий даражага эга бўлмаган шахслар учун 11010,9 сўм.
Шунингдек, олий таълим муассасалари учун қуйидаги соатбай ҳақ тўлаш меъёрлари белгиланди: профессорлар, фан доктори ва хорижлик уларга тенглаштирилган шахслар учун 31277,2 сўм, доцентлар, фан номзодлари ва уларга тенглаштирилган шахслар учун 19754,7 сўм, илмий даражага эга бўлмаган шахслар учун 14314 сўм.
Бундан ташқари, катта илмий ходим-тадқиқотчилар, малака ошириш курслари раҳбарлари, ходимлари ва мутахассислари учун қуйидаги соатбай ҳақ тўлаш меъёрлари белгиланди: профессорлар, фан доктори ва хорижлик уларга тенглаштирилган шахслар учун 21343,6 сўм, доцентлар, фан номзодлари ва уларга тенглаштирилган шахслар учун 12424,3 сўм, илмий даражага эга бўлмаган шахслар учун 8380,4 сўм.