Ўзбекистонда ҚҚС бўйича ҳисоботларни топшириш тартибига ўзгартишлар киритилди
Тошкент. 29 январ. ЎзТАГ – 2015 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда микрофирма ва кичик корхоналар туркумига кирмайдиган қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) тўловчи корхоналар ҳар ойда ҳисобот топширишлари лозим, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Давлат солиқ қўмитасидан хабар қилишларича, Солиқ кодексининг 225 моддасига тегишли ўзгартишлар киритилган. Уларга мувофиқ, йирик бизнес субъектлари ҚҚС бўйича ҳисоботларни ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25 кунидан кеч бўлмаган муддатда, йил якунлари бўйича эса йиллик молия ҳисоботи топшириш муддатларида тақдим қилади.
Маълумот ўрнида, 2015 йилга қадар микрофирма ва кичик корхоналар туркумига кирмайдиган ҚҚС тўловчилар ҚҚС бўйича ҳисоботларни ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25 кунидан кеч бўлмаган муддатда, йил якунлари бўйича эса йиллик молия ҳисоботи топшириш муддатларида тақдим қилар эдилар.