Ўзбекистонда сўм девальвацияси туфайли темирйўл чипталари баҳоси оширилмайди
Тошкент. 14 сентябр. ЎзТАГ – “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси 5 сентябрда бошланиб, сўм қадрини икки бараварга туширган валюта ислоҳоти туфайли темирйўл чипталари баҳосини оширмаслигини маълум қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги ПФ-5177-сонли Фармонига биноан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ шуни маълум қиладики, Ўзбекистон Республикаси резидент ва норезидентлари учун сафар ҳужжатлар (чипталар)ни ҳарид қилиш 29 август 2017 йилдаги ҳолатга кўра ўзгаришсиз қолади. Жаҳон ҳамжамиятининг амалиётида темир йўл тизимида юк ва йўловчи ташиш хизматларини айирбошлаш жараёни швейцария франки асосида амалга оширилади. Шу боис мамлакатимизда валюта сиёсатининг либераллаштирилиши сафар хужжатларнинг (чипталар) нарх-навосига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди”, - дейилади ширкат хабарида.
Эслатиб ўтамизки, бундан олдинроқ Ўзбекистон миллий авиаташувчиси конвертация муносабати билан чипталари баҳосини қайта кўриб чиқишни режалаштираётганини хабар қилган эди.