Ўзбекистонда самолётларга чиқиш олдидан йўловчиларнинг электрон ускуналарини текшириш тартиблари янгиланди

Дата: 11:39, 02-10-2014.

Тошкент. 2 октябр. ЎзТАГ - Ўзбекистон Республикасининг фуқаро авиацияси ҳаво кемаларида йўловчилар олиб кетилаётган радио, телеаппаратура, аудио ва видеотехника, компьютер, планшет ва мобил телефонларни авиация хавфсизлиги бўйича текшириш қоидалари янгиланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу янги Қоидалар матни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси расмий сайтида эълон қилинди.

Хужжатда қайд этилишича, “йўловчилар ва ҳаво кемалари экипажи аъзоларининг қўл юки ва багажларида электрон қурилмаларни авиацион хавфсизликка текшириш Авиация хавфсизлиги текширув хизмати ходимлари томонидан аэропортларнинг махсус жихозланган ҳудудларида махсус техника воситаларини қўллаган ҳолда амалга оширилади”.

Ўз ёнида ва қўл юкида юқорида кўрсатилган электрон воситаларни олиб кетаётган йўловчилар ва экипажлар аъзоларига Ўзбекистон Республикаси аэропортларида авиация хавфсизлиги бўйича текширишдан ўтиш чоғида қуйидаги талаблар қўйилади:

- авиация хавфсизлиги бўйича текшириш жойларида текшириш хизмати ходими талабига кўра йўловчи (экипаж аъзоси) ўз ёнида ва қўл юкида олиб кетаётган электрон воситаларини ёқиш орқали ишлатиб кўрсатиши ҳамда қувватлантириш мосламалари ва кассеталар ўрнатиладиган жойларини корсатиши шарт;

- авиация хавфсизлиги бўйича текшириш жараёнида электрон воситаларнинг қуввати тугаган бўлса, йўловчи (экипаж аъзоси) текшириш хизмати ходими иштирокида бундай мосламаларни ёқиш ва ишлатиб текшириш учун зарур бўлган вақтга алоҳида жиҳозланган жойда қувват олишга қўяди;

- қувват олган электрон воситаси ёқилмаса, бундай электрон воситалар қўшимча махсус техник воситаларни қўллаш орқали текширилади;

- электрон воситалар ичида таъқиқланган буюм ва воситалар мавжудлиги аниқланса, бундай мосламаларнинг текшируви тўхтатилади, электрон воситанинг эгаси бўлган йўловчи (экипаж аъзоси) ҳаво кемасига қўйилмайди.

Электрон воситаларини текширтиришдан ёки текширишга тақдим қилишдан бош тортадиган йўловчилар (экипаж аъзолари) ҳаво кемасига қўйилмайди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: