Ўзбекистонда саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси доирасида қиймати $300 млнлик экспорт шартномалари тузилиши кутилмоқда

Дата: 15:29, 08-04-2015.

Тошкент. 8 апрел. ЎзТАГ – Жорий йилнинг 26 октябр - 2 ноябр кунлари Тошкентда анъанавий Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси (ХСЯКБ) бўлиб ўтади. Тахминларга кўра, унинг доирасида қиймати $300 млнлик экспорт шартномалари, маҳаллий кооперация бўйича 1 трлн сўмлик битимлар тузилиши кутилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Аммо тадбир дирекцияси маълумотларига кўра, ушбу кўрсаткичлар бундан ҳам юқори бўлиши мумкин. Хусусан, ХСЯКБ-2014 доирасида ички шартномалар миқдори 2013 йилдагидан 2 бараварга ошган эди.

Аслида, саноат ярмаркаси апрел ойида ҳудудий ярмаркалар ўтиши билан бошланади. Хусусан, яқинда Самарқанд вилоятида шундай ярмарка бошланди. 8 апрелда эса “Ўзэкспомарказ”да маданият, таълим, соғлиқни- сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари мажмуининг саноат ярмаркаси очилади.

Апрел охирида коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш саноати, қишлоқ хўжалиги ва истеъмол моллари мажмуи ярмаркаси иш бошлайди.

Майнинг иккинчи ярмида машиносозлик, автомобиль ва электротехника саноати, стандартлаш соҳаси ярмаркаси ўтказилади.

2014 йилдаги ярмаркаларда 4 минг атрофида мааҳаллий корхоналар қатнашдилар. Улар томонидан 19 мингдан ошиқ маҳсулотлар намойиш этилди.

ХСЯКБ-2014 доирасида эса қиймати $260,2 млн экспорт шартномалари ва 890,5 млрд сўмлик ички кооперация битимлари тузилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: