Ўзбекистонда саратонга қарши дори воситалари ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда
Тошкент. 27 декабр. ЎзТАГ – Cингапурнинг RV Healthcare Group компанияси Ўзбекистонда фармацевтика заводи қуришни режалаштирмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ўзбекистон Инвестициялар бўйиа давлат қўмитасида RV Healthcare Group билан меморандум имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Қўмита маълумотларига кўра, фармзавод лойиҳаси билан юқори технологияли антивирус препаратлари (B, C гепатити, антиретровирус препаратлар), саратонга қарши перорал воситалар, инъекциялар ва биостимуляторлар ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Дастлабки режаларга кўра, завод қурилиш жойи сифатида “Паркент-фарм” ЭИЗ ҳудуди танланган.
Бундан ташқари, ширкат вакиллари Тошкентда фармацевтика тармоғида ишлаш учун кадрлар тайёрлаш бўйича ўқув маркази қуриш таклифи билан ҳам чиқдилар.
Эслатиб ўтамиз, RV Healthcare Group Осиёдаги энг йирик фармацевтика компанияларидан биридир. У Ҳиндистонда учта завод, Вьетнам ва Мьянмада иккита завод, ва Хитой, Камбожа, Гонконг, Буюк Британия, Таиланд, Қозоғистон ва Филиппиндан биттадан заводга эга.
Сурат манбаи: https://invest.gov.uz