Ўзбекистонда сайлов бюллетенлари қандай кўринишда бўлиши маълум бўлди
Тошкент. 22 октябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистон Адлия вазирлиги Ўзбекистонда сайлов бюллетенлари қандай кўринишда бўлишини тушунтириб берди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Адлия вазирлиги Қонунчилик палатаси депутатлари сайлови бўйича сайлов бюллетенининг шакли ва матни Марказий сайлов комиссияси (МСК), маҳаллий Кенгашларга эса вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тасдиқланишини эслатиб ўтади.
"Сайлов бюллетенига номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган йили, эгаллаб турган лавозими (касб-ҳунар тури), иш жойи ва унинг номзоди кўрсатган сиёсий партия алифбо тартибида киритилади", – дейилади хабарда.
Бундан ташқари, бюллетенда уни тўлдириш тартиби тўғрисида тушунтириш бўлиши керак.
"Сайлов бюллетенлари давлат тилида, шунингдек, туман сайлов комиссиясининг қарори билан тегишли туман аҳолисининг аксарият қисми фойдаланадиган тилларда чоп этилади", – дейилади хабарда.
Бундан ташқари, бюллетенлар Брайл алифбоси асосида тайёрланиши мумкин.
Сурат манбаи: today.kg