Ўзбекистонда сайлов участкаларини ташкил қилиш ишлари якунига етмоқда
Тошкент. 21 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда сайлов участкаларини ташкил қилиш ишлари якунига етмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Марказий сайлов комиссияси сайтидаги маълумотга асосланган ҳолда.
Марказий сайлов комиссияси аъзоси Отагалди Бобожоновнинг сўзларига кўра, бугунги кунга келиб жойларда сайлов участкаларини ташкил қилиш ишлари ниҳоясига етмоқда. Шу йилнинг 21 декабр куни бўлиб ўтадиган сайловларда 9 мингдан ортиқ сайлов участкаси сайловчиларга хизмат қилиши кўзда тутилаётир. Сайлов участкаларининг рўйхати уларнинг манзили кўрсатилган ҳолда маҳаллий матбуотда эълон қилинади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, овоз беришни ташкил этиш учун ҳар бир сайлов участкасига туман, шаҳар ҳокимлиги бино ажратиб беради.
Олий мажлик Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига депутатлар сайловигача 60 кун вақт қолди.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда 2005 йилдан бери икки палатали парламент фаолият юритади. Қонунчилик палатасида доимий асосда 2009 йилда тўрт сиёсий партия ва Экологик ҳаракат номидан сайланган 150 депутат ишламоқда. Ҳозирги парламентда ЎзЛиДеП (33 депутат) ва “Миллий тикланиш” (26) партиялари аъзолари кўпчиликни ташкил қилади. Юқори палата – Сенатда 100 депутат ишлайди. Улар тенг ҳисобда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкентдан олти кишидан сайланган. Бундан ташқари, Сенатнинг 16 аъзоси Ўзбекистон президенти томонидан мамлакатнинг энг обрўли кишилари орасидан тайинланади.