Ўзбекистонда сайёҳлар учун кириш визаларини электрон расмийлаштириш ва бериш тизими жорий этилди

Дата: 14:09, 16-07-2018.

Тошкент. 16 июл. ЎзТАГ – 15-июлдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасига хорижий фуқароларнинг кириши тартибини оптималлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018-йил 4-июлдаги 3836-сонли қарорига мувофиқ туристик мақсадларда Ўзбекистонга келиш учун элекрон кириш визаларини расмийлаштириш ва бериш тизими йўлга қўйилди, деб хабар беради ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

“Ўзбекистон Республикасининг элекртон кириш визаси тўғрисидаги Низомга мувофиқ мазкур тизим чет эл фуқароларининг туристик кириш визасини олиш учун Ўзбекистон Республикасининг дипломатик валолатхоналари, консуллик муассасаларига мажбурий мурожаат заруриятини бекор қилишни кўзда тутади”, - дейилади хабарда.

Электрон виза Ўзбекистон Республикаси ҳудудида 30 кунгача бир марта бўлиш учун берилади. Электрон виза берилган вақтдан бошлаб 90 кун давомида амал қилади. Электрон визани расмийлаштириш ва бериш учун мурожаатни кўриб чиқиш муддати икки иш кунини ташкил этади (мурожаат берилган кундан ташқари).

“Берилган электрон виза “e-visa.gov.uz” тизимининг расмий веб-порталига мурожаат этиш вақтида кўрсатилган чет эл фуқаросининг электрон почтасига жўнатилади”, - дейилади хабарда.

Электрон визани расмийлаштириш учун мурожаат бериш Ўзбекистон Республикасига келиш санасидан уч иш кунидан кам бўлмаган муддатда амалга оширилади. Электрон кириш визасини олиш мурожаатини кўриб чиқиш учун консуллик йиғими ҳажми $20ни ташкил этади. Тўлов электрон кўринишда халқаро тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.

“Электрон виза беришда рад жавоби берилган тақдирда консуллик йиғими учун олинган маблағ қайтарилмайди. Электрон виза ўтиш хужжатига (паспорт) ёпиштилмайди. Чегара орқали ўтиш пунктида чет эл фуқароси электрон визани қоғоз ёки электрон кўринишда тақдим этади”, - деб хулоса қилинади хабарга.

 

Сурат манбаи: https://www.shefeq.az/lastnews/page/290/

Янгилик билан ўртоқлашиш: