Ўзбекистонда сайёҳлик маҳаллалари, қишлоқ ва овуллари пайдо бўлади
Тошкент. 14 август. ЎзТАГ – Ўзбекистонда сайёҳлик маҳаллалари, қишлоқ ва овуллари пайдо бўлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги.
"1 ноябрдан бошлаб Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси энг катта сайёҳлик салоҳиятига эга фуқаролар йиғинлари (посёлкалар, қишлоқлар, овуллар, шунингдек, шаҳарлар, посёлкалар, қишлоқлар ва овуллар маҳаллалари) рўйхатини шакллантиришни бошлайди. Бу президентнинг "Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида кўзда тутилган”, - дейилади Давлат туризм қўмитаси матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилганидек, 20 дан кам бўлмаган оилавий меҳмон уйларига эга бўлган ва сайёҳлар учун камида 5 турдаги хизмат кўрсатувчи аҳоли пунктларига (яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар бундан мустасно) "Туристик маҳалла", "Туристик қишлоқ" ёки "Туристик овул" мақоми берилади.
2020-2021 йилларда "туристик" мақомга эга бўлган 5 тагача фуқаролар йиғинлари "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла"давлат дастурларига устувор тартибда киритилади.
Сурат манбаи: uzbektourism.uz