Ўзбекистонда ШҲТ саммити кунлари хорижликлар муддати ўтказиб юборилган визалар учун жаримага тортилмайди

Дата: 13:10, 21-06-2016.

Тошкент. 21 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити кунлари хорижликлар муддати ўтказиб юборилган визалар учун жаримага тортилмайди, деб хабар беради мамлакат ТИВ матбуот хизмати.

“Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши мажлиси ўтказилиши муносабати билан Ўзбекистон аэропортларидан халқаро авиарейсларнинг келиш ва кетиш вақтларидаги эҳтимолий ўзгаришлар ҳамда қўшни давлатлар билан чегаралардаги айрим ўтиш жойларида вақтинчалик чекловлар ўрнатилиши муносабати билан 2016-йилнинг 23-24-июн кунлари чет эл фуқароларининг кириш визаларида қайд этилган Ўзбекистон ҳудудида бўлиш муддатлари уларга боғлиқ бўлмаган ҳолда тугаганда уларга нисбатан Ўзбекистоннинг тегишли органлари томонидан жарима ёки бошқа чоралар қўлланилмайди”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, 23-24 июнда Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг 15-саммити бўлиб ўтади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо. Афғонистон, Беларусь, Мўғилистон ва Эрон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Туркия, Шри-Ланка, Озарбайжон, Арманистон, Камбожа ва Непал ташкилотда мулоқот бўйича ҳамкордирлар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: