Ўзбекистонда шаҳарлараро автобусларга тунда қатнашга рухсат берилди
Тошкент. 1 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда шаҳарлараро автобусларга тунда қатнашга рухсат берилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматига таянган ҳолда.
Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 майдаги қарори билан кўзда тутилган.
Ҳужжатга мувофиқ, эндиликда агарда туристик автобуслар тегишли хавфсизлик талабларига жавоб берса, яъни, автобусларда GPS тизими, қоронғуда кўзга ташланувчи махсус рангли чизиқ (линия) бўлган, кўнгилли ёки мажбурий суғурта қилинган, шунингдек, икки нафар ҳайдовчи ва уларнинг мобил телефони фаол бўлиши кабилар бўлгани ҳолда колонна ҳамроҳлигида ҳаракатланишдан озод этилади.
Бундан ташқари, маҳаллий ички ишлар органлари томонидан транспорт воситасини маҳаллий туристик гуруҳларнинг ҳар бир сафари олдидан техник кўрикдан ўтказиш актини (“бир марталик акт”) мажбурий равишда тузиш амалиёти ҳам бекор қилинмоқда.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда шаҳарлараро автобус қатновлари 2003 йилда Қашқадарё вилоятида кўплаб қурбонларга олиб келган авария сабаб таъқиқланган эди.
Сурат манбаи: https://yvision.kz/post/762540


