Ўзбекистонда “Шахсий маълумотлар тўғрисидаги” қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда

Дата: 14:23, 29-01-2015.

Тошкент. 29 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистонда “Шахсий маълумотлар тўғрисидаги” қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир маълумотлар Алоқа ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси қошидаги Ахборот хавфсизлиги маркази (кейинчалик Марказ – ЎзТАГ) сайтида маълум қилинди.

“Бугунда Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг “Шахсий маълумотлар тўғрисидаги” Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Қонундан кўзланган мақсад шахсий маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш ҳамда сақлашда инсон ва фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдир”, - дейилади маълумотда.

Мазкур Марказ мамлакат ҳукуматининг 2013 йил 16 сентябрдаги қарорига мувофиқ ташкил этилган. Унинг таркибига Шахсий маълумотларни сақлаш бўлими ҳам киради. Ушбу бўлим мутахассислари шахсий маълумотларни муҳофаза қиилш ишини тартибга солувчи меъёрий ва услубий материалларни ишлаб чиқишда қатнашмоқда.

Эслатиб ўтамизки, ҳар йили 28 январда дунёда Халқаро шахсий маълумотларни муҳофаза қилиш куни нишонланади. Ушбу байрамга 1981 йил 28 январда, Европа Кенгашининг “Шахсий маълумотларни автоматик ишлаш муносабати билан шахсларни муҳофаза қилиш” Конвенцияси имзоланганда асос солинган. У байрам сифатида Европа кенгаши Вазирлар қўмитаси ташаббуси билан 2006 йил 26 апрелдан бошлаб нишонланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: