Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқ дипломатияси маркази яратилмоқда

Дата: 17:12, 28-06-2018.

Тошкент. 28 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқ дипломатияси маркази яратилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

2018 йил 26 июнда ушбу масала юзасидан мамлакат раҳбарининг “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг халқ дипломатияси маркази ташкил этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Марказ Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқалар қўмитаси Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Фанлар академияси, Бадиий академия ва бошқалар муассислигида нодавлат нотижорат ташкилоти кўринишидаги муассаса шаклида ташкил қилинмоқда.

ШҲТ халқ дипломатияси маркази фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб ШҲТ мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни, миллатлараро ва динлараро тотувликни мустаҳкамлашга, цивилизациялараро мулоқотни кучайтиришга кўмаклашиш белгиланган.

Шунингдек, унинг вазифаларига ШҲТ мамлакатлари билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтиришда, делегацияларнинг ўзаро ташрифларини уюштиришда иштирок этиш ҳам киради.

Марказга ШҲТ мамлакатлари ўртасида ахборот соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, ахборот ресурсларини шакллантириш ҳамда ШҲТнинг мақсадлари, вазифалари, фаолиятининг устувор йўналишлари ва асосий принципларини кенг тушунтириш вазифаси ҳам юкланмоқда.

Ҳужжат билан ШҲТ халқ дипломатияси марказига ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш доирасида вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларидан зарур статистик ва таҳлилий ахборотни талаб қилиш ва бепул олиш, тадбирларни ўтказиш учун давлат мулки бўлмиш мажлислар зали ва концерт залларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи бериш кўзда тутилган.

Сурат манбаи: http://darakchi.uz/ru/53072

Янгилик билан ўртоқлашиш: