Ўзбекистонда Шавкат Мирзиёевнинг биринчи китоби чоп этилди

Дата: 13:26, 01-02-2017.

Тошкент. 1 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёевнинг “Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак” номли биринчи китоби чоп этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Чуқур таҳлил ва танқидий ёндашувга асосланган ушбу китобда Ўзбекистоннинг 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатларига атрофлича баҳо берилган.

“Айни вақтда иқтисодиётни бошқариш, уни модернизация ва диверсификация қилиш борасида кейинги пайтда турли вазирлик ва идоралар томонидан йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонлар очиқ ва холис танқид қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича амалий таклифлар илгари сурилган. Турли соҳалардаги мавжуд улкан имконият ва захираларни тўлиқ ва самарали ишга солишга жиддий эътибор қаратилган”, - деб таъкидлашди “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида.

Китобда айниқса, “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурини амалга ошириш, аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, жумладан, шаҳар ва қишлоқларимизда арзон ва қулай уй-жойлар қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмаларни, мактабгача таълим муассасалари тармоқларини ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича кенг кўламли вазифалар ҳам китобдан алоҳида ўрин эгаллаган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: