Ўзбекистонда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хотираси абадийлаштирилади

Дата: 12:10, 12-02-2018.

Тошкент. 12 феврал. ЎзТАГ – Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Чиланзор туманида қурилаётган масжид Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи билан аталади, деб хабар беради давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

“Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишуви жараёнида мазкур масжид майдонига ташриф буюрди”, - дейилади хабарда.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эди, деди Шавкат Мирзиёев. “Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб этишга, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлади”, - дейилади хабарда.

Дарҳақиқат, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 1989 йилда, жуда қийин ва мураккаб даврда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлди. Бу давр исломий илмлар, диний қадрият ва анъаналар қайта тикланган давр сифатида тарихимизда алоҳида ўрин тутади.

У киши ислом оламида маълум ва машҳур бўлган “Мухтасари Виқоя”, “Кифоя”, “Мазҳаблар – бирлик рамзи”, “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъат” каби китобларни ўзбек тилида шарҳлаб, ўша мураккаб йилларда кўпдан-кўп беҳуда ихтилофларнинг олдини олишга катта ҳисса қўшган.

Муфтий вазифасида у киши халқаро миқёсда ҳам кенг фаолият юритиб, кўплаб ислом мамлакатлари билан маданий-маърифий алоқаларни йўлга қўйиш ва ривожлантиришга эришган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам муфтий, ҳам собиқ Иттифоқ Олий кенгаши депутати сифатида ҳукуматга мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, улар учун зарур шароитлар яратиш масалалари кўтарилган махсус баённома тақдим этган. Мустабид мафкура ҳукмрон бўлган ўша оғир замонда бундай ташаббус билан чиқиш, ҳеч шубҳасиз, катта жасорат эди, деди Президент.

“Бунинг натижасида шўро ҳукуматининг мусулмонларга нисбатан сиёсати ўзгарган, масжид ва мадрасалар очилган, ҳаж зиёратига борувчилар кўпайган. 1990 йилда Марказий Осиё республикаларидан 500 нафар мусулмон Тошкент шаҳри орқали ҳаж зиёратига боришга муваффақ бўлган эди. Агар ўша даврда бутун собиқ Иттифоқ бўйича ҳар йили бор-йўғи 20-30 киши ҳажга борганини ҳисобга олганда, бу жуда катта натижа бўлган”, - дея таъкидланади хабарда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ушбу масжид лойиҳаси билан танишар экан, уни янада такомиллаштириш, бунда халқимиз ва уламоларнинг таклифларини ҳам ўрганиш зарурлигини таъкидлади.

Сурат манбаи: http://islamrf.ru/news/w-interview/world/42289/

Янгилик билан ўртоқлашиш: