Ўзбекистонда шайх Занги ота ҳақида янги китоб нашр қилинди

Дата: 10:01, 14-07-2015.

Тошкент. 14 июл. ЎзТАГ – “Шарқ” нашриётида сўфийликнинг йирик намоёндаларидан бирига бағишланган “Ҳазрат Занги ота” номли янги китоби нашр қилинди. Китоб муаллифи Акмал Саидовдир, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Мухбиримизнинг хабарига кўра, ўзбек тилидаги китоб сўзбоши, тўрт боб, хулоса ва олти тилдаги тақриздан иборат.

Ушбу китобда сўз сўфийлик тариқатининг йирик намоёндаларидан бири, улуғ шайх Мавлоно Занги ота (Аюбхўжа ибн Тожхўжа) ҳақида боради. Туркистонлик мазкур авлиё Хўжа Аҳмад Яссавийнинг устози – Арслан бобонинг чевараси бўлган.

Китобда Занги отанинг таржимаи ҳоли, хусусан, унинг исми, насаби, турмуш ўртоғи, аждодлари, таваллуд ва вафот санаси, ватани, унинг саёҳат ва сафарлари, устоз ва шогирдлари, тариқатдаги (руҳий такомил йўлидаги) ўрни, мақбараси ҳақида қисқача маълумотлар берилган.

Занги ота мажмуи – ноёб тарихий-меъморий, маданий-маърифий маскан бўлиб, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёдаги машҳур зиёратгоҳлардан биридир. У Амир Темур томонидан барпо этилган бўлиб, унинг невараси Улуғбек томонидан таъмирланган.

Китобда Занги ота мисолида сўфийликка доир кўплаб қизиқарли маълумотлар, у зотнинг каромат ва сифатлари, у киши ҳақида шеър ва афсоналар, шунингдек, Занги ота меъросининг Шарқ ва Ғарбдаги ўрганилишига доир маълумотлар келтирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: