Ўзбекистонда сиртқи бўлим талабалари масофадан ўқиш имкониятини оладилар

Дата: 13:06, 25-05-2018.

Тошкент. 25 май. ЎзТАГ – Янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги сиртқи бўлим талабалари онлайн режимда масофадан ўқиш имкониятини оладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигидан хабар қилишларича, давлат раҳбарининг 2017 йил 9 августида “Олий таълим муассасаларида педагогика йўналишида махсус сиртқи бўлимларни ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-3183 сонли Қарори асосида мамлакатда 15 та олий ўқув юртида 8 та йўналиш бўйича махсус сиртқи бўлимлар ташкил этилган.

Эндиликда жорий этилган онлайн ўқитиш платформаси ёрдамида сиртқи таълим талабалари, масофадан туриб, ўз иш жойидан ажралмаган ҳолда таълим олиш имкониятига эга бўлади. Онлайн ўқитиш платформаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Таълим муассасаларида электрон таълимни жорий этиш маркази томонидан жорий этилди.

Бугунги кунда махсус сиртқи таълимнинг 144 та дарслиги таянч олий таълим муассасаси билан биргаликда масофавий ўқитиш формати асосида ишлаб чиқиш йўлга қўйилди.

Онлайн ўқитиш курсини ташкил қилиш учун мўлжалланган платформада барча зарурий элементлар яратилган. Хусусан, маъруза, видеодарс, тест, топшириқ, чат, форум, сўровнома, глоссарий, тескари алоқа ва вебинар шулар жумласидандир.

Шунингдек, фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида платформани ижтимоий тармоқлар билан интеграцияси амалга оширилди.

Олий таълим тизимига масофавий таълимни жорий қилиниши давлат учун ҳам талаба учун ҳам таълим харажатларини қисқартиришга ёрдам беради.

Сурат манбаи: http://kommersant.uz/news/v-tuit-mogut-vnedrit-sistemu-distantsionnogo-obucheniya

Янгилик билан ўртоқлашиш: