Ўзбекистонда смарт сим-карталарни дастурлаш бўйича академия очиш режалаштирилмоқда

Дата: 15:25, 21-09-2018.

Тошкент. 21 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда талаба ва мутахассисларни смарт сим-карталарни дастурлашга ўқитиш бўйича академия очилиши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир оғзаки келишув 19 сентябрда Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида (IUT) Infineon Technologies AG халқаро компанияси вакиллари билан учрашувда эришилди.

Учрашувда маҳаллий компаниялар билан смарт-карталарни йиғиш линияларини ишлаб чиқариш, шунингдек, банк карталари ва электрон саёҳат карточкалари вазифасини бажарадиган универсал талабалар смарт-картасини яратиш масалалари кўриб чиқилди.

Халқаро учрашувда Infineon Germanyнинг хавфсизлик маҳсулотлари учун бизнесни ривожлантириш бўйича менежери Маттиас Грюнауэр, Symmetronнинг МДҲда хавфсизлик соҳасида бизнесни ривожлантириш бўйича директори Андрей Ливинцев ва Infineon Rus бош директори Илья Зверевлар қатнашдилар.

Эслатиб ўтамизки, Infineon Technologies AG компанияси – Европа саноатида ярим ўтказгич технологияларининг энг йирик вакилидир. Сўнгги ўн йил мобайнида компания ярим ўтказгичли компонентлар ишлаб чиқарувчилари орасида 1998 йилдаги 19-ўриндан (ўша пайтларда компания Siemens AG ярим ўтказгичларининг бўлими эди) дунё бўйича биринчи ўнликка кирди.

Сурат манбаи: из https://www.spot.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: