Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди

Дата: 15:34, 13-12-2017.

Тошкент. 13 декабр. ЎБзТАГ – Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб олинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, бу тўғрида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2017 йил 12 декабрь куни мамлакат тиббиёт соҳасидаги долзарб масалалар муҳокамасига бағишланган йиғилишда гапирилди.

“Кадрлар таъминоти масаласи ечими сифатида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳудудий ҳокимликлар (маъмуриятлар – ЎзТАГ) билан биргаликда тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёжни ҳудудлар, туманлар ва муассасалар кесимида аниқлаш, 2018 йилда бакалавриат таълим йўналишининг мақсадли қабул квотасини 2017 йилга нисбатан 20 фоиз ошириш, мақсадли магистратурани 10 фоиз, клиник ординатура қабул квотасини 15 фоиз ошириш белгиланди”, - дейилади Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабарида.

Шунингдек, тез тиббий ёрдам тизимида дори воситалари учун ажратилаётган маблағларни 2018 йилда камида икки баробар ошириш ва ҳудудлар кесимида бир меъёрда молиялаштириш бўйича чоралар кўриш топширилди.

Бундан ташқари, хусусий тиббиётни тизимли асосда ривожлантиришга қаратилган топшириқлар берилди. “Хусусан, пойтахтимизда фаолиятини бошлаган “Akfa Medline” хусусий тиббиёт муассасаси негизида мамлакатимизда хусусий тиббиётни ривожлантириш ва уларга малакали кадрлар тайёрлаш бўйича ўқув-даволаш марказини ташкил этиш, мазкур тиббиёт маркази ҳамкорлигида Корея Республикасининг олий таълим тиббиёт муассасаси ва унинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш вазифаси қўйилди”, - дейилади хабарда.

Сурат манбаи: http://pearlofeast.com/post.php?id=1291&news_page=1

Янгилик билан ўртоқлашиш: