Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўплаб мамлакатлар учун намуна бўлиши мумкин – ЖССТ бош директори

Дата: 09:53, 20-09-2018.

Тошкент. 20 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар кўплаб мамлакатлар учун намуна бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадмановнинг ЖССТ бош директор Т. Гебрейесус билан учрашувида айтиб ўтилди.

Вазирликдан маълум қилишларича, учрашув Рим шаҳрида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюросининг 68-сессияси доирасида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси ҳам қатнашди.

Т. Гебрейесусга сўнгги йилларда мамлакат соғлиқни сақлаш тизимидаги ижобий ўзгаришлар, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар даражасининг оширилаётгани, шунингдек, соҳада қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар, истиқболдаги режа ва дастурлар ҳақида маълумот берилди.

ЖССТ бош директорининг қайд этишича, аҳоли саломатлигини асрашни асосий устувор вазифа сифатида белгилаш бу келажак авлодлар камолга етишининг кафолатидир. Шу маънода, Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар кўплаб мамлакатлар учун намуна бўлиши мумкин.

Шунингдек, у ЖССТ ва Ўзбекистон ўртасида мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилувчи кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга доимо тайёр эканини ҳамда Ўзбекистонга амалга оширилажак ташрифни интиқлик билан кутаётганини билдирди.

Ўзбекистон делегацияси Россия, Беларусь, Туркия, Қозоғистон, Арманистон, Озарбайжон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон давлатларининг делегатлари билан ҳам келгусида ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда истиқболли режалар хусусида икки томонлама самарали учрашувлар ўтказди.

Қўшимча қиламизки, ушбу сессияда экологиянинг дунё халқлари саломатлигига таъсири, озиқ-овқат стандартлари, бирламчи тиббий ёрдамнинг ўрни ҳамда турли юқумли касалликларнинг олдини олиш, шунингдек, дори-дармон нархлари, тамаки ва алкоголь истеъмолининг зарарлари, жисмоний фаолликнинг аҳамияти, семиришнинг оқибатлари кенг муҳокама этилмоқда.

 

Сурат манбаи: из http://cbc.az

Янгилик билан ўртоқлашиш: