Ўзбекистонда соғлиқни сақлашга давлат бюджетидан 5,2 трлн сўм ажратилди

Дата: 13:32, 08-11-2017.

Тошкент. 8 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда соғлиқни сақлашга давлат бюджетидан 5,2 трлн сўм ажратилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил тўққиз ойидаги ижросини муҳокамасига бағишланган 7 ноябрдаги навбатдаги мажлисида кўриб чиқилди.

“Маълумки, Қонунчилик палатаси соғлиқни сақлаш тизимини сифатли ислоҳ қилиш жараёнида бевосита иштирок этмоқда. Шу боис, депутатлар тиббиёт муассасалари молиялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратдилар. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги турли Давлат дастурларини бажаришга доир чора-тадбирлар туфайли Давлат бюджетидан 5,2 трлн. сўм ёки ижтимоий соҳага йўналтирилган умумий ҳаражатларнинг 26,9 фоизи миқдорида маблағ ажратилганлиги таъкидланди. 2016 йилнинг ҳисобот даврида соғлиқни сақлашга йўналтирилган ҳаражатлар 4,2 трлн сўмни ёки ижтимоий соҳадаги харажатларнинг 24%ини ташкил этган эди”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати хабарида.

Депутатлар томонидан мамлакат раҳбарининг соғлиқни сақлаш соҳасига юқори эътибори туфайли аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни сифат жиҳатидан яхшилаш мақсадида барча режалаштирилган тадбирлар ўз вақтида молиялаштирилаётагани айтиб ўтилди.  

“Соҳадаги мавжуд муаммолар комплекс тарзда ечиб борил”аётгани таъкидланди. “Жумладан, беморларни зарур дори воситалари таъминлаш муҳим масалалардан бири ҳисобланади.  Аҳолини дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш учун Давлат бюджетидан 275 млрд сўм ажратилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,9 баравар кўпдир. Хусусан, ҳисобот даврида дори-дармонлар учун сарфланган ҳаражатлар ўтган молиявий йилнинг ҳудди шундай даврига нисбатан Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида 1,5 баравар, Сурхондарё вилоятида эса 2,2 баравар ошди”, - дейилади хабарда.

Депутатлар таъкидлаганларидек, асосийси одамлар содир бўлаётган ўзгаришларни ҳис қилишлари лозим.

Умуман олганда, мажлис якунларига кўра Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил тўққиз ойидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида қарор қабул қилинди.

$1=8067,62 сўм

Янгилик билан ўртоқлашиш: