Ўзбекистонда солиқ хизматини тубдан модернизация қилиш режалаштирилмоқда

Дата: 13:24, 27-06-2018.

Тошкент. 27 июн. ЎзТАГ – Ўзбекистонда солиқ хизматини тубдан модернизация қилиш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу иш Ўзбекистон президентининг “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

“Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари ҳисоблансин: биринчидан, давлат солиқ хизмати органларини солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатидаги янги имиджини яратиш орқали хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айлантириш, ҳар бир ходим томонидан “Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори” деган мақсадли вазифани сўзсиз бажариш; иккинчидан, экстерриториаллик принципи асосида солиқ тўловчилар ўз солиқ мажбуриятларини ихтиёрий бажариши, бизнесни қонуний, шаффоф ва қулай юритиш учун мақбул шарт-шароитлар яратиш, солиқ тўловчиларнинг қониқиш даражасининг ошишини таъминлаш; учинчидан, солиқ маъмуриятчилиги ва назоратининг мутлақо янги тизимини яратиш, шунингдек, коррупциявий омилларга йўл қўймаслик бўйича превентив ва олдини олиш чораларини қўллаш”, - дейилади ҳужжат матнида.

Шунингдек, қарор билан “тўртинчидан, солиқ тўловларининг ўз вақтида ва бир хилдаги тушумини таъминлаш, маъмурий тартиб-таомилларни максимал даражада камайтириш ва соддалаштириш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва иқтисодиётда хуфиёна айланмаларни қисқартириш ҳисобига бюджетларнинг даромад қисмини барқарор шакллантириш; бешинчидан, текширувдан олдинги таҳлил ва масофавий назорат-таҳлил ишларини амалга ошириш учун маълумотларни тўлиқ йиғиш ва қайта ишлашни таъминлайдиган замонавий, илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш чораларини янада кучайтириш; олтинчидан, давлат солиқ хизмати органлари ходимларига корпоратив этикани сингдириш, давлат солиқ хизмати органларининг стратегик мақсад ва вазифаларига эришиш учун ўз хизмат фаолияти самарадорлигини ошириш мотивацияси тизимини жорий этиш” кўзда тутилмоқда.

Сурат манбаи: http://uz24.uz/uz/society/soliu-tglovchi-zhismoniy-shahslar-diuuatiga

Янгилик билан ўртоқлашиш: