Ўзбекистонда солиқларни бирлаштириш ва пасайтириш режалаштирилмоқда

Дата: 15:28, 12-12-2017.

Тошкент. 12 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда солиқларни бирлаштириш ва пасайтириш режалаштирилмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилга мўлжалланган асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнозлари, солиқ ва бюджет сиёсати концепцияси ҳамда Давлат бюджети лойиҳасига бағишланган кенгайтирилган мажлисда гапирилди.

Хусусан, фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиқларини бирлаштириш орқали умумий базавий ставкани 15,5 фоиздан 14,5 фоизгача камайтириш режалаштирилмоқда. Шунингдек, Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси, Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига ажратмаларни ягона тўловга – давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларга бирлаштириш орқали умумий ставкани 3,5 фоиздан 3,2 фоизгача камайтирилади. Бундан ташқари, жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ юки даражасини фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган ҳисобрақамларига ажратмалар миқдорини 1 фоиздан 2 фоизгача ошириш ҳисобига камайтирилади. Шу билан бирга, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқнинг аҳоли тадбиркорлик фаоллигини оширишга қаратилган ставкасини ўртача 30 фоизга пасайтирилади.

Сурат манбаи: http://nalogiexpert.ru/novosti/sravnenie-nalogov-v-ssha-i-rossii.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: