Ўзбекистонда солиқ ва мажбурий тўловларни интернет орқали тўлашга рухсат берилди

Дата: 22:03, 16-10-2015.

Тошкент. 16 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонда солиқ ва мажбурий тўловларни интернет орқали тўлашга рухсат берилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Адлия вазирлигидан хабар қилишларича, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг интерактив давлат хизматлари ягона портали ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтида жойлашган солиқ тўловчиларнинг шахсий кабинети орқали электрон тўлов топшириқномаси билан солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар амалга оширилиши мумкинлиги белгиланди.

Ушбу тартиб Марказий банки томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар тўғрисидаги низом”га киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар билан кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Мижозларнинг имзолар намуналари ва муҳр изи қўйилган варақчасида думалоқ муҳр изи қўйилмаган бўлса, ҳисоб-китоб ҳужжатлари муҳр изисиз қабул қилиниши белгиланди. Олдин хужжатлар фвақат якка тартибдаги тадбиркорлик ва юридик шахс ташкил этмасдан туриб деҳқон хўжалиги фаолияти билан шуғулланувчи шахслардан олинар эди.

Агар талаб қилувчи қарздорликни ундириш ҳақидаги талабни йўлласа, банк (маблағларни тўловчи ёки унинг вакили белгиланган муддатда банкка ташриф буюрмаган ҳоллар бундан мустасно), банк томонидан қабул қилиш санаси кўрсатилган ҳолда акцептлаш учун маблағларни тўловчи ёки унинг вакилига топширилиши аниқлаштирилган.

Шунингдек, тўлов талабномасини маблағларни тўловчига (унинг вакилига) имзо қўйдирган ҳолда топшириш имкони бўлмаган тақдирда, банк уни у келиб тушгандан сўнг 10 иш куни (илгари – 10 кун) ўтгач маблағларни олувчининг банкига “Мижознинг келмаганлиги сабабли ижро этилмади” деб ёзилган ҳолда ижро этмасдан қайтариб юбориши аниқлаштирилган.

Тузатишлар билан хужжатга бошқа ўзгартишлар ҳам киритилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: